+99871 253-27-96
Ишонч телефонлари
Ишлаш вақти: 09:00 дан 18:00 гача
Қабул кунлари: Душанбадан Жумагача


Австрия Элчиси билан учрашув

2018 йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Австрия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Вена шаҳрида) этиб тайинланган Алоис Краутни қабул қилди.

Вазир Элчининг ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, уни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларида икки томонлама алоқаларнинг жадал ва изчил тус олгани қайд этилди.

Абдулазиз Камилов Австриянинг 31 декабрь куни якунланаётган Европа Иттифоқидаги муваффақиятли раислигини алоҳида қайд этди.

Учрашувда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, жумладан ташрифлар алмашиш ва қўшма бизнес-форумларини ўтказишдан томонлар манфаатдорлиги тасдиқланди.

Таъкидланганидек, томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликка катта эътибор қаратмоқда. Шу ўринда Тошкент иқтисодиёт университетида Австрия амалий фанлар университети билан ҳамкорликда илғор дастурлар бўйича мутахассислар тайёрлаши режалаштирилаётган минтақамиздаги илк факультет очилиши муҳим воқеа ҳисобланади.

Суҳбат чоғида айрим халқаро сиёсий масалалар муҳокама қилинди.


Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Сайтни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкор Sarkor Solutions