+99871 200-11-14
Ишонч телефонлари
Ишлаш вақти: 09:00 дан 18:00 гача
Қабул кунлари: Душанбадан Жумагача


ЭНЕРГИЯДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди ва маъқулланиб, Парламентнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Қонунчилик палатасидаги Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция”си мутахассислари иштирокида тайёрланган мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада янада оқилона ва самарали фойдаланишнинг, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини ва замонавий энергия тежамкор технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари бўйича тегишли фармон ва қарорларида белгиланган устувор вазифалар мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришда асос бўлди.

Қонун лойиҳа билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Энергетика вазирлигининг ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Жумладан, қўшимча энергия самарадорлиги кўрсаткичлари бўлиши шарт бўлган товарлар, ишлар, хизматлар таркибини белгилаш, энергия самарадорлиги паст бўлган маҳсулотларни мамлакатда ишлаб чиқарилишини ёки импортини чеклаш, давлат органлари ва ташкилотларига энергия ресурсларини иқтисод қилиш, даражасини белгилаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш юзасидан қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати тартибини белгилаш каби нормалар қўшимча қилиб киритилди.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси ва улардаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганилди. Хусусан, Америка Қўшма Штатларида энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш бўйича бюджет соҳасида 2007-2017 йилларда ишлаб чиқилган 10 йиллик дастурида назарда тутилган манбалардан ҳам ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Буюк Британия, Япония, Франция, Германия, Украина, Россия ва Қозоғистон давлатларида энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш, энергия сарфини меъёрлаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа йўналишлари бўйича тегишли талаблар ишлаб чиқиш ва улар ижроси бўйича жавобгарлик масалаларида мавжуд тажриба ўрганилди.

Қонуннинг қабул қилиниши давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб этмаган ҳолда унда таклиф этилаётган нормалар мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, хусусан давлатимизнинг халқаро имиджини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлашга, бизнесда барқарор фойдага эришиш имкониятини оширишга, бюджетга тушумларни кўпайтиришга, халқимизнинг реал даромадларини оширишга хизмат қилади.



Носиржон Хасанбаевич АМИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг депутати
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси

Ўзнефтгазинспекциянинг аҳборот ҳизмати

Сайтни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкор Sarkor Solutions