+99871 253-27-96
Ишонч телефонлари
Ишлаш вақти: 09:00 дан 18:00 гача
Қабул кунлари: Душанбадан Жумагача


Инспекция фаолияти

«ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ» ТАРИХИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 14 январдаги “Ўзбекнефтгаз” нефть ва газ саноати миллий корпорацияси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги 31 – сон қарори    1-банди 8-хатбошига асосан “Ўздавнефтмаҳсулот” акционерлик бирлашмасининг давлат нефть инспекцияси бош бошқармаси ва “Ўзбекгазсаноат” бирлашмасининг Ўрта Осиё газ-техника маркази бирлаштирилган ва Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш “Ўзнефтгазинспекция” (Ўзнефтгазназорат) давлат инспекцияси ташкил этилиб, бевосита “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компаниясига бўйсундирилган.

2000 йилнинг 8 июнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон нефть махсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида”ги 220-сон қарори билан “Ўзнефтгазинспекция” негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан, фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси (“Ўздавнефтгазинспекция”) ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2003 йил  9 декабрдаги ПФ-3358-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш, ишлаб чиқариш, сотиш ва улардан фойдаланишда белгиланган тартибга ва технология талабларига риоя этилишини назорат қилиш даражасини ошириш мақсадида  2004 йилнинг 13 июлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 328-сон қарори билан “Ўздавнефтгазинспекция”га давлат бошқарув органи мақоми берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5646-сон Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июндаги 520-сон “Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан “Ўзнефтгазинспекция” фаолияти юзасидан Низом тасдиқланди.

ВАЗИФАЛАРИ

Қуйидагилар «Ўзнефтгазинспекция»нинг вазифалари ҳисобланади:

  • нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, шунингдек, уларнинг миқдор жиҳатидан ва сифатли сақланишини таъминлаш соҳасида юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада нефть, нефть маҳсулотлари ва газни истеъмол қилишни қисқартириш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш тадбирларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • иқтисодиёт тармоқларида давлат, тармоқ ва ҳудудий энергия тежашга йўналтирилган концепциялар ва дастурларни ишлаб чиқилиши, шу жумладан нефть, газ, газ конденсати ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тарқатиш, сотиш ва фойдаланиш жараёнларини самарали ташкиллаштириш масалаларида иштирок этиш;
  • нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий актлар ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашиш;
  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчиларини энергетик текшириш ва экспертизадан ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш;
  • нефть, газ, газ конденсати ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича истеъмолчилар томонидан бажариладиган чора-тадбирларнинг энергетик самарадорлигини баҳолаш;
  • ёқилғи-энергетика соҳаси бўйича, шунингдек, энергияни тежаш ва энергетик самарадорликни ошириш соҳасида ахборотни тайёрлаш ва тарқатиш, энергияни тежайдиган инновацион технологияларни жорий этиш тажрибасини ёйиш;

ФУНКЦИЯЛАРИ


«Ўзнефтгазинспекция» ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

  • а) нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, шунингдек, уларнинг миқдор жиҳатидан ва сифатли сақланишини таъминлаш соҳасида юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

  • нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, сотиш, ташиш, сақлаш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, объектларни (қурилмаларни) монтаж қилиш ва ишлатиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилинмаганлиги учун аҳоли ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғилиши билан боғлиқ қўпол қоидабузарликлар аниқланганда ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини белгиланган тартибда тўхтатиб қўяди;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларини таҳлил қилиш асосида нефть ва газ саноати ташкилотлари билан биргаликда нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона фойдаланиш стратегияси бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

  • ҳар йиллик асосида суюлтирилган ва сиқилган газни ишлаб чиқариш ҳамда газ билан тўлдириш, автомобилларга газ қуйиш ва автомобилларни газ билан тўлдириш
    компрессор станцияларида, газ баллонларини етказиб бериш пунктларида ва сервис пунктларида суюлтирилган ва сиқилган газни сотиш, шунингдек, ёқилғи-энергетика тармоғи ташкилотлари юзасидан – Энергетика вазирлиги билан келишиш бўйича, бошқа ташкилотлар юзасидан – манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда нефть маҳсулотларини автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларида сотиш устидан назорат қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

  • манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш
     ва улардан фойдаланиш соҳасида мониторинг олиб боради;

  • нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда нефть, газ, газ конденсати ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, шунингдек, улар миқдор жиҳатидан ва сифатли сақланишини таъминлаш соҳасида маҳсулотлар тақсимоти қатнашчилари томонидан қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари ва етказиб берувчилар томонидан:

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш объектларидан (ускуналаридан) технологик эксплуатация қилиш;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газ миқдор жиҳатидан ва сифатли сақланиши;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газ сарфи меъёрлари;

  • объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш лойиҳаларини нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш талабларига мувофиқлиги;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш чора-тадбирлари амалга оширилиши талабларига риоя қилиниши устидан назорат қилади;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, энергетика хизматлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларида иштирок этади;

  • стационар ва кўчма лабораторияларда нефть, нефть маҳсулотлари ва газнинг сифатини таҳлил қилади ва тегишли хулосалар беради;

  • нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, шунингдек, магистрал
    газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, ишлатиш ва таъмирлаш соҳасида белгиланган тартибда тегишли таъсир чораларини қўллаган ҳолда рухсат бериш тусидаги тартиботларни
    ва техник тартибга солишни амалга оширади;

  • қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги тўғрисида, шунингдек, бир йилда
    100 000 ва ундан ортиқ кубметр табиий газдан фойдаланувчи ёқилғи истеъмол қилувчи ташкилотларга ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш тўғрисида
    ва асбоб-ускуналарни комплекс синовдан ўтказиш, режим-созлаш ишлари ва табиий газни муҳит сифатида қўллашда газ қувурларини тозалаш ишлари учун технологик нефть-газ объектларига (қурилмаларга) хулосалар беради;

  • хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари бўйича ёқилғи истеъмол қиладиган ускуналар ва қурилмаларнинг норматив-техник талабларга мувофиқлигини кўздан кечиради ва ўрганади;

  • газдан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича газ сотиш
    ва газ-транспорт ташкилотлари иши устидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар газ истеъмолчиларининг газдан фойдаланувчи қурилмаларга рухсат берилмаган уланишини аниқлаш устидан назорат қилади;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари томонидан энергетика соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини ўрганиш давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

  • энергетика соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини назорат қилиш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича электр энергетика объектларига ва нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари ташкилотларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

  • б) иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада нефть, нефть маҳсулотлари ва газни истеъмол қилишни қисқартириш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш тадбирлари бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш  соҳасида:
  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашади;

  • нефть, газ, газ конденсати ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб боради;

  • нефть, газ, газ конденсати ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси бажарилиши ҳолати тўғрисида таҳлилий материалларни тайёрлайди ва муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан Энергетика вазирлигига таклифлар киритади.

  • в) иқтисодиёт тармоқларида давлат, тармоқ ва ҳудудий энергияни тежайдиган дастурлар ва концепциялари ишлаб чиқилиши шу жумладан нефть, газ, газ конденсати ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тарқатиш, сотиш ва фойдаланиш жараёнларини самарали ташкиллаштириш масалаларида иштирок этиш соҳасида:

  • энергия сарфини пасайтириш ва нефть, нефть маҳсулотлари ҳамда газдан самарали фойдаланишнинг жаҳон тенденцияларини тизимли асосда ўрганади;

  • манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда энергетик жиҳатдан самарадорликни ошириш ва иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфини пасайтириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

  • хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда рақобатбардошли саноат маҳсулотлари ва маиший фойдаланиш товарлари ишлаб чиқариш учун энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишнинг истиқболли йўналишларини белгилайди, шунингдек, республикада  уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш юзасидан иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш концепциялари ва миллий дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

  • иқтисодиёт тармоқларида энергия сарфини пасайтириш ва энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

  • иқтисодиёт тармоқларида энергияни тежаш, технологик ускуналар
    ва технологияларни модернизациялаш, янгилаш бўйича давлат дастурлари, шунингдек, нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, фойдаланиш соҳасида лойиҳалар ва тадбирлар амалга оширилиши устидан мониторинг олиб боради;

  • қурилиши тугалланган нефть-газ объектларини технологик талабларга риоя қилиши юзасидан техник кўрикдан ўтказади ва фойдаланишга қабул қилиш комиссиялари ишида иштирок этади;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш соҳасида тармоқ, минтақавий, мақсадли дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда, шунингдек, нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича энергия сарфини пасайтиришга доир тадбирлар режаларини тузишда методологик ёрдам беради;

  • г) нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашиш соҳасида:

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш соҳасида халқаро тартибга солиш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда техник тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларни ҳуқуқий қўллаш амалиётини ўрганади;

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва тақсимлаш, шунингдек, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни такомиллаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашади;

  • д) нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари томонидан энергетик текширишлар ва экспертизалар ўтказилиши ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:

  • нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчиларини мажбурий энергетик текшириш ва экспертизадан ўтказиш устидан назорат қилади;

  • энергетик текшириш ва экспертизалар ўтказиш дастурларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек, ўтказилган энергетик текширишлар натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни ҳамда  ишлаб чиқаришлар, ташкилотларнинг энергетик паспортларини таҳлил қилади;

  • ўтказилган энергетик текширишлар натижаларини умумлаштиради ва кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Энергетика вазирлигига киритади;

  • е) нефть, газ, газ конденсати ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича истеъмолчилар томонидан бажариладиган чора-тадбирларнинг энергетик самарадорлигини баҳолаш соҳасида:

  • нефть, газ, газ конденсати ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан оқилона
    ва самарали фойдаланиш бўйича ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда бажариладиган тадбирларнинг энергетик жиҳатдан самарадорлиги бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди;

  • иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона
    ва самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, энергия сарфини пасайтириш бўйича олдини олувчи чора-тадбирларни амалга оширади;

  • замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда энергетик жиҳатдан самарадорликни ошириш ва энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланиш масалалари бўйича семинарлар, брифинглар ташкил этади;

  • ж) ёқилғи-энергетика соҳаси бўйича, шунингдек, энергияни тежаш ва энергетик самарадорликни ошириш соҳасида ахборотни тайёрлаш ва тарқатиш, инновацион энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш тажрибасини ёйиш соҳасида:

  • давлат органлари ва ташкилотларида энергия ресурслари самарадорлиги мониторингини олиб боради;

  • давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия жиҳатидан самарали
    ва энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

  • давлат органлари ва ташкилотларда замонавий энергия жиҳатидан самарали
    ва энергияни тежайдиган технологиялар жорий этилиши устидан назорат қилади;

  • энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва энергия ресурсларига харажатларни қисқартириш ҳисобига давлат органлари ва ташкилотларнинг харажатларини мақбуллаштириш, товарлар (ишлар, хизматлар) таннархини пасайтириш, маблағларни тежаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

  • истеъмол қилинадиган энергия ресурслари ҳажмини камайтиришга йўналтирилган техник, технологик ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

  • энергияни тежаш ва энергетик жиҳатдан самарадорликни ошириш соҳасида ахборот тайёрлаш ва тарқатишда иштирок этади;

  • инновацион энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича халқаро тажрибани ўрганади;

  • инновацион энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этади;

  • “Ўзнефтгазинспекция” ва давлат бошқаруви органлари ўртасида маълумотлар айирбошлаш бўйича комплекс ахборот тизимлари ташкил этилишига, кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланишни босқичма-босқич кенгайтиришга, жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликнинг замонавий шакллари ва механизмларидан фойдаланишга кўмаклашади;

  • тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари турларини босқичма-босқич кенгайтиради.

  • “Ўзнефтгазинспекция” ўзига юкланган вазифаларни бевосита, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар орқали белгиланган тартибда ҳал этади.



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июндаги 520-сон қарорига кўра “Ўзнефтгазинспекция” бошлиғи Энергетика вазирлиги ҳайъати таркибига киради.

Давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро хамкорлиги

  • “Ўзнефтгазинспекция” ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

  • “Ўзнефтгазинспекция”нинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг ҳудудий бўлимлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари  ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

  • “Ўзнефтгазинспекция”нинг ҳудудий бўлинмалари “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жойларда секторлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



Сайтни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкор Sarkor Solutions